2015-01-09


САНЪАТ ЭЗГУЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

 

Дилдан куйланган қўшиқлар ҳамма вақт инсон руҳий оламига ижобий таъсир кўрсатиб, тингловчи қалбида янги орзу-умидлар уйғотган, эзгу амалларга даъват этган, ёшларни она Ватанни севишга, уни асраб-авайлашга ундаган, улар қалбида Ватан туйғусини шакллантирган. Сўз, мусиқа ва ижро маҳорати бир-бирига мутаносиб қўшиқларнинг боқий умри, маънавий таъсир кучи шундан далолат беради. Қўшиқни руҳозиғи, дейдилар. Чунки қалб нидоси бўлиб таралаётган қўшиқда дилга ором берувчи куч бор, қудрат бор. Шу боисдан ҳам инсон хурсанд бўлганда ҳам, ғамга ботганида ҳам қўшиқтинглашга эҳтиёж сезади. Уни бутун вужуди билан берилиб тинглайди. Ана шундай дамда қўшиқкишининг орзу-истаклари, ҳис-туйғулари ифодачисига айланади. Шу боисдан ҳам қўшиқтинглаб, жозибали оҳанг пардасига ўралган дурдона сўзлардан баҳраманд бўлганда ҳаёт завқини, қувончини юракдан ҳис қиласиз. Қўшиққа жо бўлган миллий руҳият, гўзаллик ва нафосат тараннуми қалб тўридан жой олади ва инсоннинг билими, тажрибаси ва истеъдоди уйғунлигида яратилган, дил хазинасида ардоқлаб асралган, сайқалланган, пардозланган, маънавий мерос даражасига чиққан қўшиқчилик санъатига нисбатан янада меҳрингиз ошади.

Ўзбек халқи – қўшиқ шайдоси. Юртимизнинг серфайз гўшаларида, обод ва фаровон маҳаллаларида, бирор йиғин, бирор маросим куй-қўшиқсиз ўтмайди. Давраларга хуш кайфият улашадиган, боболаримиз ва момоларимиз ўгитларини, ишонч ва эътиқодни, истак-интилишларни ўзида намоён қилган қўшиқлар ҳеч қачон эскирмайди. Аксинча, аждодларимиз қалб қўридан ҳарорат олган бундай қўшиқлар кўнгилларга меҳру муҳаббат тафтини, донишмандлик ва эзгулик ёғдусини олиб киради. Сўз ва соз бир бўлиб янграр экан, бу янгроқ овоз Ватанни, ватанпарварлик туйғусини, миллат урф-одатларини, миллий қадриятларни тараннум қилиб, кўксимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради, юракни энг тоза туйғуларга ошно этади. Чунки қўшиқда одатда эзгулик, пок­лик, ватанпарварлик тараннум этилади. Қўшиққа айланган сўз замирида мана шундай мақсаду маънолар бор. Ҳарбий-ватанпарварлик жанрида қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни кенг тар­ғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қарорига мувофиқ ўтказилган «Мардлар қўриқлайди Ватанни» номли ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлари кўрик-танлови ижодкор зиёлилар, кўп сонли қўшиқ мухлислари томонидан мамнуният билан кутиб олинганининг боиси ҳам шунда, десак муболаға бўлмайди. Чунки кўрик-танлов давомида Ватан ва ватанпарварлик, аждодлар анъаналарига садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини тараннум қилган, жанговар руҳни оширадиган, миллий армиямиз куч-қудратини ифодалаган, мазмунан теран, бадиий жиҳатдан пухта янги-янги саф қўшиқлари, аскар қўшиқлари, маршлар ижро этилди.

Ёшларни ва ҳарбий хизматчиларни Ватанга муҳаббат ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи, мардлик ва матонатни мадҳ этувчи, миллий армиямизга нисбатан ғурур ҳиссини уйғотувчи ва ҳарбий хизмат нуфузини оширувчи ҳарбий-ватанпарварлик жанридаги янги мусиқий асарларни яратиш, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчиларда юксак маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини тарбиялаш, уларда фаол ҳаётий позицияни шакллантиришда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқларнинг аҳамиятини ошириш, Ўзбекис­тон Қуролли Кучлари ҳақида юксак бадиий ижодий асарлар яратиш мақсадида ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида ижод қилаётган шоирлар, композиторлар, ҳаваскорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган мазкур танловда профессионал санъаткорлар билан бирга юзлаб ҳаваскор ижодкорлар иштирок этишди. Уларнинг ижро маҳоратини баҳолаш учун ҳакамлар ҳайъати таркибига таниқли санъаткорлар, бастакорлар, шоирлар ва малакали мутахассислар жалб этилди. Танлов иштирокчиларининг чиқишларини кузатар эканмиз, умрини Ватан ҳимоясидек муқаддас ишга бағишлаган ўғлонларнинг санъатга нечоғлик ошуфта эканлигини, бугун ҳарбий хизматчилар учун ҳам Ватанимизни, мустақиллигимизни, миллий армиямиз куч-қудратини, демакки, озод юртимизни, обод эртамизни куйлаш шарафли ишга айланиб бораётганини дилдан ҳис қилдик ва бундан қувондик.

САҲНА ИСТЕЪДОДЛАРНИ КАШФ ҚИЛДИ

Дарҳақиқат, кўрик-танлов давомида тингловчи қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини алангалатувчи, шунингдек, мардлик ва матонат туйғусини тараннум этувчи, ҳарбий хизмат нуфузини оширувчи янги, оҳангдор қўшиқлар юзага чиқди. «Энг гўзал ва дилбар қўшиқлар Ватан ҳақидаги қўшиқлардир. Бундай жозибадор қўшиқлар эл-элатларни бирлаштиради, уларни тинч-тотув яшашга, Ватанни ҳар томонлама юксалтиришга, кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ва кўксини қалқон қилишга даъват этади. Замонлар ўтаверади, аммо Ватан абадийдир. Ватанни севиш, суйиб ардоқлаш, бор вужудинг билан жўшиб куйлаш эса энг олий бахтдир». Юртбошимизнинг ушбу пурҳикмат сўзларида жон бор. Чунки Ватан туйғуси, ватанпарварлик ҳисси ижодкор учун илҳом манбаидир. У хоҳ ёзувчи ёки шоир бўлсин, хоҳ бастакор ёки қўшиқчи бўлсин, мана шу улуғ ва мўътабар туйғудан илҳомланиб, халқ кўнглига яқин, жозибадор асарлар яратади. «Мардлар қўриқлайди Ватанни» кўрик-танловида ижро этилган қўшиқларда, у қайси йўналишда куйланмасин, мана шу туйғу, мана шу ҳиснинг устунлигини сезиш мумкин.

Кўрик-танловда иштирок этаётган ҳар бир иштирокчининг чиқиши ўзига хос бўлди. Янги истеъдодлар кашф этилди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни жоиз деб биламиз, танловда иштирок этган ҳаваскор қўшиқчиларнинг санъаткорлик иқтидори, ижрочилик маҳорати таҳсинга лойиқ. Чунки қўшиқни мукаммал даражада куйлаб тингловчига етказиб бериш ҳам қалб ҳарорати ва юксак истеъдоддан далолат беради. Шу боисдан ҳам бу истеъдод соҳибларининг чиқишларини барча хушнудлик билан қарши олди. Майор Рустамжон Саттаров, кичик сержантлар Баҳодир Исломов, Бобомурод Нуратов, Ҳотамбек Абдуллаев, Давронбек Абдусаломов, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Обид Йўлдошев, Иқболжон Камолов, Усманжан Бекиметов, Отабек Эргашев, Илҳомжон Қосимов ана шундай истеъдод соҳибларидир. Уларнинг ижро маҳоратлари ҳакамлар ҳайъатининг ҳам эътирофига сазовор бўлди.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Иқболжон Камолов кўп йиллардан буён Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилади. Қўшиқ куйлаш унинг жону дили. Унинг қўшиқлари оилавий йиғинларга, яқинлари даврасига ўзгача файз бағишлайди. Ширали овоз соҳиби бўлган Иқболжон Камолов танловда саф қўшиқлари йўналиши бўйича қўшиқ ижро этди. Мазмундор сатр ва жозибали оҳангга бой бу қўшиқ ҳар қандай тингловчининг юрак торларини чертиб юборади. Мусиқанинг сўзга мутаносиблиги, ижро услубининг ўзига хослиги ҳам қўшиқнинг ютуқларидан бири, десак янглишмаймиз.

– Қўшиқ куйлашни яхши кўраман, – дейди у биз билан суҳбатда. – Аслида куй ва қўшиққа меҳр қўймаган инсон дунёда топилмаса керак. Чунки бу санъат тури инсонга руҳий қувват беради, яшашга, ҳаётга нисбатан қизиқишни оширади. Энг асосийси, қўшиқ кишиларнинг янги-янги орзу-умидларига далда бўлади. Саҳнага чиққанда худди биринчи марта қўшиқ куйлаётгандек ҳаяжонландим. Лекин томошабинларнинг қарсаклари менга далда бўлди.

Майор Рустамжон Саттаров томонидан ижро этилган «Ватан мадҳи» қўшиғи ҳам томошабинларнинг давомли олқишига сазовор бўлди. Тинчликни, ҳурликни, Ватанга бўлган садоқатни тараннум этувчи мазкур қўшиқ ижрочининг юксак истеъдодини юзага чиқара олди.

– Мазкур танлов мен каби ҳаваскор ижодкорлар учун улкан имконият яратди, – дейди майор Рустамжон Саттаров. – Мана шундай нуфузли кўрик-танловда қатнашаётганимдан хурсандман. Бу мен учун шараф. Танловга астойдил тайёргарлик кўрдим. Ушбу кўрик-танлов менинг кўп йиллик орзуларимга қанот бўлди. Танлов туфайли изландим, янги қўшиқ яратдим. Баҳони эса албатта, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар беради.

– Ҳарбийлик – фидойилик, шижоат, матонат, жасурлик талаб этадиган касб. Кўрик-танловда ижро этилган ҳарбий-ватанпарварлик жанридаги тароналарнинг барчасида ана шундай юксак фазилатлар тараннум этилди. Бу эса қувончимизни икки карра оширди, – дейди Ўзбекис­тон Бастакорлар уюшмаси раиси ўринбосари, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ҳабибулло Раҳимов. – Танловда ижро этилган ҳар бир қўшиқ ўзига хос ижро услуби билан ажралиб туради. Уларни тинглаб завқландик. Аслида қўшиқ бу – мужассамлашган композиция. Матн, мусиқа ва ижро унинг асосини ташкил қилади. Уларнинг қай бири заиф, талаб даражасида бўлмаса, маънавий саёз, мусиқий етук бўлмаган қўшиқлар юзага келади. Ҳолбуки, қўшиқчилик санъатида бир қоида бор: аввал сўз туғилади. Бастакор эса мазкур сўздаги оҳангни ҳис қилиб, унга куй басталайди ва ниҳоят, қўшиқ яратилади. «Мардлар қўриқлайди Ватанни» танлови доирасида ҳам ижро этилаётган қўшиқларнинг матнига, мусиқаларнинг жилосига, жозибасига, қўшиқчининг ижро маҳоратига катта эътибор қаратилди. Негаки, куй, қўшиқ ва энг муҳими, овознинг бир-бирига мутаносиб келиши бу – қўшиқнинг таъсирчанлигини белгилайди. Қувонарлиси, ижро этилган барча қўшиқларда сўз, куй ва овознинг уйғунлиги бор. Бундан хурсанд бўлдик. Ҳарбий хизматчилар орасида ҳам истеъдодли, иқтидорли ижодкорлар кўплигидан таъсирландик. Бир сўз билан айтганда, кўрик-танловда қатнашган ҳар бир иштирокчининг санъаткорлик қобилияти, ижро маҳорати эътирофга сазовор.

Дарҳақиқат, кўрик-танлов давомида энг сара қўшиқлар куйланди. Мазмундор сатр, ёқимли куй ва жозибали овоз уйғунлигида ижро этилган бу тароналар кўнгиллардан мустаҳкам жой олди.

Дарвоқе, шу ўринда мазкур кўрик-танловда ҳаваскор ҳарбий хизматчилар билан бирга профессионал санъаткорлар ҳам иштирок этганини алоҳида таъкидлаб ўтишни жоиз деб биламиз. Майор Элёр Абдуллаев, сержантлар – Азизхон Қодирхонов, Зокиржон Тўйчиев, Отабек Қамбаров, кичик сержантлар Дониёр Қаршиев, Ботир Ҳожиев, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – Зуҳриддин Бозорбоев, Мурод Умрзияев, Фарҳод Қамбаров, Суҳроб Ҳамдамов, хонандалар – Раҳим Мирзакамалов, Рудакий Алланбоев, Аббосхон Раҳматуллаевларнинг чиқишлари кўрик-танловга кўтаринки руҳ бағишлади.

«Мардлар қўриқлайди Ватанни» кўрик-танлови ниҳоя­сида ғолиб ва совриндорлар эълон қилинди. Унга кўра, саф қўшиқлари йўналиши бўйича биринчи ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Обид Йўлдошевга («Ёвқур ўғлонлармиз» қўшиғи, Зулфия Юнусова шеъри, Авазбек Маллабоев мусиқаси) насиб этди. Иккинчи ўринни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри хонандаси Раҳим Мирзакамалов, учинчи ўринни Ички ишлар вазирлиги  ашула ва рақс ансамбли жамоаси эгаллади. Эстрада қўшиқлари йўналиши бўйича биринчи ўринга Ички ишлар вазирлиги ашула ва рақс ансамбли жамоаси («Ўзбекистон посбонлари» қўшиғи, Зикрилла Неъматов шеъри, Зокиржон Тўйчиев мусиқаси) лойиқ деб топилди. Иккинчи ўринга Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси кичик сержант Ботир Ҳожиев, учинчи ўринга майор Рустам Саттаров ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Фазлиддин Холмуродов сазовор бўлди. Лирик қўшиқлар йўналиши бўйича эса биринчи ўринни шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Суҳроб Ҳамдамов («Ватанимга хизмат қиламан» қўшиғи, Зикрилла Неъматов шеъри, Ҳабибулло Раҳимов мусиқаси) эгаллади. Иккинчи ўрин Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари Бекзод Холмирзаев ва Зарнигор Қирғизалиевага насиб этди. Учинчи ўринни Ўзбекистон санъат ва маданият институти ўқитувчиси Рудакий Алланбоев ва Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси Аббосхон Раҳматуллаев қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари, диплом ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА