2015-01-09


АСКАР БЎЛАР ЙИГИТНИНГ МАРДИ

 

Оилада ўғил фарзанд туғилса, ота-онаси яхши ният қилади. Яъни ўғиллари ўсиб-улғайиб, Ватан, эл-юрт корига камарбаста бўлсин, деб тилак қилишади. Яхши ният ҳамиша ижобат бўлган. Сир эмаски, бугунги кунда армияда хизмат қилиш, аскар бўлиб юртга қўрғон бўлиш ҳар бир эр йигитнинг орзусига айланиб улгурди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисидаги қарори эълон қилинганди. Шу кунларда ушбу Қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида Қуролли Кучларга нав­батдаги чақирув жараёни юксак савияда давом этяпти.

ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Ўтган йиллар мобайнида юртимизда муддатли ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилиш бўйича муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ўтаётган фуқароларга қатор имтиёзлар яратилди. Бугун юртимиз ёшлари учун миллий армиямиз ҳақиқий ҳаёт мактабига айланди. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар миллий армиямиз сафларини ҳар томонлама етук ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш имконини бермоқда. Хусусан, мамлакатимиз Президентининг 2008 йил 20 ноябрдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Мазкур Фармонга асосан, 2009 йилдан бошлаб, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта – февраль-март ойларида чақириш йўлга қўйилди. Мазкур Фармон муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларини, ҳарбий ихтисосликларни сифатли ўзлаштириб олишни, шунингдек, ахборот-компьютер технологияларига асосланган таълимнинг замонавий шакл ва услубларини кенг жорий этишни, уларда Ватанга муҳаббат ва унинг ҳимоясига шай туриш руҳига асосланган мукаммал характерни, қатъий ҳаётий дунёқарашни шакллантиришга йўналтирилган маънавий-ахлоқий ҳамда ватанпарварлик тарбияси тизимининг самарадорлигини янада оширишни таъминлашдек мақсадларга хизмат қилмоқда.

МАҚСАД ВА ОРЗУЛАР МУШТАРАКЛИГИ

Тошкент вилояти, Қибрай тумани мудофаа ишлари бўлимида ҳам айни кунда иш қизғин. Муддатли ҳарбий хизматни ўташга чоғланган ўғлонлар тегишли синовлардан ўтиш билан банд. Бу ҳақда кейинроқ тўхталсак-да, ҳозир мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчилар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида сўз юритсак.

– Мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратилган, – дейди чақирув бўлинмаси бошлиғи капитан Алишер Жакбаров. – Шифокорлар хонаси замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Умуман айтганда, чақирув ишларини сифатли амалга ошириш учун барча имконият мавжуд.

Мудофаа ишлари бўлимини айланиб бўлиб, чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиладиган хонага кирдик. Бир-биридан ўктам йигитлар билан мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Қаҳрамон Бекқўзиев суҳбат ўтказаётган экан. У чақирилувчиларга бугун миллий армия­мизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва ўтаган фуқароларга берилаётган имтиёзлар хусусида сўзлаб беряпти. Аниқроғи, улар қалбида Ватанга муҳаббат, юрт ҳимояси, халқ осойишталигини таъминлаш шарафли ва муқаддас бурч эканлигини янада чуқурроқ сингдиряпти.

– Инсоннинг мақсади ва орзулари кўп бўлади, бироқ уларга эришиш йўли битта – бу ҳам бўлса тинимсиз меҳнат, ўқиш, изланиш ва юксак билимга эга бўлишдир, – дейди чақирилувчи Фаррух Ғофуров. – Бунинг учун мустақил юртимизда биз, ёшлар учун барча шароитлар мавжуд. Айниқса, спорт билан шуғулланиш учун улкан имкониятлар бор. Бир неча йилдан буён спортнинг енгил атлетика тури билан мунтазам шуғулланиб келаман. Мана шундай машғулотлар вақтида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар билан кўп бора мулоқотда бўлганман, улар билан суҳбатлашиш асносида шарафли касбга ҳавас пайдо бўлди, қалбимда. Шу боис муддатли ҳарбий хизматга бориб, йигитлик бурчимни ўтаб, келажакда миллий армиямиз сафида шартнома бў­йича хизмат қилиб, мустақил Ватанимизни ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшмоқчиман.

АСКАРЛИККА ШАЙЛАНМОҚДА ЎҒЛОНЛАР

Мамлакатимиз Президенти Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида миллий армиямиз сафига чақирилаётган ёшлар ҳақида тўхталар экан, жумладан, шундай дейди: «Армиямизнинг бўлғуси аскар ва офицерларини чақириққача бўлган даврда тайёрлашнинг ўрни ва аҳамиятини, уларнинг мазкур машаққатли касбни танлашга онгли ёндашиши нақадар муҳим эканини бугун алоҳида таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, албатта.

Шу муносабат билан таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини жалб этган ҳолда, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бўлғуси аскарларнинг онгу тафаккурини, юртимиз тарихига оид билимларини ошириш, жисмоний чиниқтириш талаб этилади».

Мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчилар билан суҳбатлашар эканман, юқоридаги фикрларнинг нақадар ҳақлигига иқрор бўлдим.

– Менда ҳарбий хизматга қизиқиш мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ пайдо бўлган, – дейди чақирилувчи Бахтиёр Маҳмудов. – Кейин Қибрай молия иқтисодиёт коллежида ўқидим. Бу ерда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан олган сабоқларим қалбимда ҳарбийлик касбига ҳавас уйғотди.

– Ватанни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади, – дейди чақирилувчи Муҳриддин Миряхёев. – Армияда аскарлар учун яратилган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлардан матбуот, шунингдек, мудофаа ишлари бўлими ва маҳаллаларда ташкиллаштирилаётган чақирувга оид тадбирлар, суҳбатларда, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар билан ўтказилаётган учрашувларда кўпгина маълумотларга эга бўляпмиз. Мен ҳам муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб, келажакда ҳаётимни шарафли касб билан боғламоқчиман.

Мудофаа ишлари бўлимида фаолият юритаётган тиббий комиссия хоналарида ҳам айни пайтда иш қизғин кечмоқда.

– Чақирилувчиларда муддатли ҳарбий хизматга бориш иштиёқи баланд. Аммо биз армия сафларига энг билимли ва соғлом, бақувват йигитларнигина танлаб оламиз, – дейди чақирув комиссияси катта шифокори Ҳабибулло Зуфаров. – Чақирилувчиларни шу ернинг ўзида психолог, ички касалликлар, асаб касалликлари, кўз, бурун, томоқ, қулоқ, тиш, тери-таносил касалликлари бўйича олий тоифали шифокорлар тиббий кўрикдан ўтказишади.

Ўғлонларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлашда мактаб, академик лицей, коллежлар билан бир қаторда маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва фаолларининг ҳам ўрни каттадир. Туманда бу борада сезиларли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, чақирув комиссияси таркибига шаҳар ички ишлар бошқармаси масъул ходими, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши раиси, «Маҳалла», «Нуроний» фондлари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, туман маданият ва спорт ишлари бўлими мутахассислари ҳамда яна бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари киритилган. Улар чақирилувчилар ва ота-оналари билан суҳбатлар олиб боришяпти. Буларнинг барчаси ўз самарасини бермоқда. Мудофаа ишлари бўлими ходимлари иштирокида маҳаллаларда чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари билан доимий равишда учрашувлар ҳам ўтказилмоқда. Уларга Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва хизматдан резервга бўшатилган ёшларга ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар ҳамда кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида етарли маълумотлар бериляпти. Бу ўз ўрнида ёшлар қалбида ҳарбий хизматга нисбатан янада қизиқиш ва ҳавасни орттирмоқда.

– Бугунги йигитлар армияда хизмат қилишни ўзи учун шарафли вазифа деб билишади, – дейди чақирилувчи Шаҳобиддин Исмоиловнинг отаси Ўринбой Қўзибоев. – Менинг ўғлим ҳам бир неча йилдан буён жисмонан чиниқиб, ўзини ҳарбий хизматга тайёрлаб келмоқда. Шунингдек, касб-ҳунар коллежида ўқиб, илк ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллади. Фарзандимнинг эл-юрт корига камарбаста бўлиб, Ватан ҳимоясидек шарафли ишга бутун вужуди билан талпинаётганини кўриб, қалбим қувончга, ғурурга тўлмоқда.

Ҳа, шу кунларда барча мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида бўлган киши ёшларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишлари кенг кўламда амалга оширилаётганига гувоҳ бўлади. Ишончимиз комилки, ўз олдига эзгу мақсадларни қўйган бугунги чақирилувчилар ҳам мустақил юртимизни шараф билан ҳимоя қилиб, аскарлик бурчларини ёруғ юз ила ўтайдилар.

Аҳрор ОЧИЛОВ