2015-01-09


2014 ЙИЛ: САРҲИСОБ ВА НАТИЖАЛАР

 

 

Марказий ҳарбий спорт клуби (МҲСК) вакиллари кириб келган 2015 йилда ҳам улкан марраларни кўзламоқда. Ватан ҳимоячилари куни арафасида мамлакатимиз спортининг довруғини дунёга ёйишда муҳим ўрин тутган клубнинг ортда қолган йилдаги ютуқлари борасида газетхонларимизга маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Умуман олганда, ўтган йил ҳам МҲСК учун омадли кечди. 2014 йил мобайнида тўпланган жами 856 та медаль ҳам фикримиз тасдиғидир. Бу ҳам мамлакатимиз, ҳам ҳарбий спорт учун ёмон натижа эмас.

Эътиборли томонларидан бири – 2014 йилда МҲСК вакилларининг маҳорати янада юксалди. Яъни ўтган йили ҳарбий спортчиларимизнинг бир нафари «биринчи разрядли спортчи», 3 нафари «спорт усталигига номзод», 8 нафари «спорт устаси» ва 3 нафари «халқаро тоифадаги спорт устаси» меъёрларини муваффақиятли бажаришди.

МАМЛАКАТИМИЗ МИҚЁСИДАГИ ҒАЛАБАЛАР

Ўтган йили юртимиз миқёсидаги мусобақаларда МҲСК вакиллари кўплаб муваффақиятларни қўлга киритишди. Армия спортчилари асосан юртимиз терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда қатнашгани боис, мамлакатимиз миқёсидаги турнирларда МҲСК шарафини ҳимоя қилишдек масъулият клубнинг умидли ёшлари зиммасига юкланди. Республика миқёсидаги қатор мусобақаларда МҲСК вакиллари 276 та олтин, 211 та кумуш ва 180 та бронза медалга эгалик қилишди. Ҳар доимгидек умумий натижаларнинг йиллик сарҳисобида ғалабалар сонининг кўплиги билан енгил атлетикачиларимиз биринчи поғонадан жой олишди. Энг кўп медаллар – 125 та олтин, 77 та кумуш ҳамда 54 та бронза уларга тегишли бўлди. Мамлакатимиз терма жамоаси негизини ташкил этувчи МҲСК мерганлари жами 77 та (32 та олтин, 27 та кумуш, 18 та бронза), армрестлингчилар 59 та (22 та олтин, 17 та кумуш, 20 та бронза), қўл жанги усталари 38 та (12 та олтин, 16 та кумуш, 10 та бронза), дзюдочилар 39 та (10 тадан олтин ва кумуш, 19 та бронза) медални қўлга киритишди.

ХАЛҚАРО МАЙДОНДАГИ ЮТУҚЛАР

Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар ҳамда миллий терма жамоалари таркибида жаҳон чемпионатлари, Осиё биринчиликлари, дунё ва қитъа кубоги учун баҳслар, Гран-при туркумига кирувчи йирик халқаро мусобақалар, XVII Осиё ўйинлари, халқаро ҳамда анъанавий хотира турнирларида иштирок этишган МҲСК вакиллари бу мусобақаларнинг 68 та олтин, 53 та кумуш, 68 та бронза, жами 189 та медалига эга бўлишди. Халқаро майдондаги мусобақаларда ҳам енгил атлетикачиларимиз илғор. Улар жами 48 та медални ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Дарвоқе, МҲСК енгил атлетикачиларининг 52 нафаридан 42 таси мамлакат терма жамоаси таркибидан жой олган. Бу эса ҳарбий спортчиларимизнинг юртимиз шарафини ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатаётгани ҳамда Мудофаа вазирлигида ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун етарлича шароит мавжудлигини кўрсатмоқда. Зеро, юртимизда енгил атлетикани оммавийлаштириш ва ривожлантиришга бўлган эътибор юқори. Буни мамлакат ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилаётган қатор мусобақаларда спортчиларимизнинг улкан ютуқлари тасдиқлаб келмоқда. Ўтган йилнинг энг нуфузли мусобақаси – Хитойда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатидан 4 та медаль, Бельгия, Франция, Германия ва Қирғизистонда ўтказилган енгил атлетика бўйича халқаро турнирлардан биттадан медаль ҳамда бошқа қатор мусобақаларда спортчиларимиз зафар қозонишди. Фаол ҳарбий спортчиларимиз сафига халқаро тоифадаги спорт устаси кичик сержант Надия Дусановани киритиш мумкин. Ўтган мавсумнинг ўзида у мамлакатимизга халқаро мусобақалар тоифасига кирувчи баҳслардан 4 та медални олиб келди.

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларидан ҳам МҲСК вакиллари 18 та медаль, шулардан 3 тадан олтин ва кумуш, 12 та бронза медаль билан қайтишди.

МҲСК дзюдочилари мавсум давомида жамланган 29 та медаль билан спорт клубида иккинчи ўринда туришибди (енгил атлетикачилардан кейин). Ўтган йилнинг нуфузли турнирларидан бири – АҚШнинг Колорадо шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида битта олтин ва 2 та бронза медаль қўлга киритилди. Спорт оламида яна бир катта мусобақа – 2014 йили пойтахтимизда ўтказилган дзюдо бўйича «Гран-при» туркумига кирувчи халқаро турнирда ҳам ҳарбий спортчиларимиз муносиб рақобат кўрсата олишди. Унда 66 кг вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи капитан Ришод Собиров мутлақ ғолиб бўлди. Яна биттадан кумуш ва бронза медалларни ҳарбий спортчиларимиз қўлга киритганини таъкидлаш жоиз.

Теннисчиларимиз ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишди. 9 тадан олтин ва кумуш ҳамда 4 та бронза медаль уларга тегишлидир. Шунингдек, таэквондочиларимиз 23 та, боксчилар 15 та, армрестлингчилар 14 та, қўл жанги усталари ҳамда мерганлар 8 тадан медални юртимизга олиб келишди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мазкур спорт клубида 600 нафардан зиёд спортчи дзюдо, бокс, кураш, эркин ва юнон-рум кураши, енгил ва оғир атлетика, таэквондо WTF, теннис, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, трамполин, сув полоси, баскетбол, ўқ отиш, армрестлинг, қўл жанги, универсал жанг каби спорт турлари бўйича тажриба ва маҳоратларини оширишмоқда.

Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишда матонатли МҲСК вакилларидан бу йил ҳам улкан муваффақият ва зафарлар кутиб қоламиз. Албатта, улар билдирилган юксак ишончни оқлаш, мусобақаларда энг юқори поғоналардан жой олишга ҳаракат қилишади. Бинобарин, 2015 йилги спорт мавсуми улар учун янада масъулиятли палла. Жорий йилда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича қитъа ва жаҳон миқёсида ўтказиладиган нуфузли мусобақалар спортчиларимиз учун XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига муҳим тайёргарлик ва синов вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам юртимизнинг ҳамма спортчилари қаторида Марказий ҳарбий спорт клуби аъзолари ҳам мусобақаларга пухта ҳозирлик кўришга киришган. Улар учун асосий мақсад – 2016 йилги Олимпиада ўйинларида ўз маҳоратини намойиш этиб, юртимиз шаънини жаҳонда муносиб ҳимоя қилишдир.

 

Тимур НАРЗИЕВ