2015-01-09


ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ФОЙДАЛАНГАН ҲОЛДА

 

Бирлашган Араб амирликлари Ҳарбий денгиз кучларининг «Салоллоҳ» («Фалаж-2» лойиҳаси бўйича) русумли ракета катери қурилиши 2011 йилда Италиянинг  «Финкантъери» корпорациясига қарашли бўлган «Мужиано» кемасозлик корхонасида бошланган, 2012 йилнинг 8 июнида сувга туширилган ва 2013 йилда мамлакат ҳарбий флоти таркибига киритилган. Катернинг узунлиги 55 метр, эни 8,6 метр, сувга ботиб туриш даражаси 5,5 метр, тўлиқ сув сиғими 550 тонна. Экипаж 28 кишидан иборат. Бош энергетика қурилмаси таркибига Германиянинг MTU компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита дизель двигатели ва тўртта дизель-генератор киради. Катернинг максимал юриш тезлиги 20 узел, сузиш узоқлиги 14 узел тезликда 1500 миляни ташкил этади.

Катерга ўрнатилган қуроллар: VL MICA русумли бошқарилувчи зенит ракеталари учун мўлжалланган олти катакли қурилма, «Экзосет» ММ 40 Block 3 русумли кемаларга қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмаси (2 та тўрт контейнерли), 76 мм.ли «Супер Рапид» автоматик қурилмаси, иккита 12,7 мм.ли Hitrole-G пулемёти (масофадан бошқариш имкониятига эга), иккита  MASS русумли оптоэлектрон тўсиқлар қўйиш қурилмаси. Радиоэлектрон қуроллари: IPNS, «Линк-11,-16» русумли борт муҳандислик қурилмалари, ҳаво ва сув устидаги вазиятни ёритиб берувчи KRONOS ва SIR-M русумли радиолокация станциялари, NA-30S русумли  ўт очишни бошқариш оптоэлектрон станцияси, Medusa Mk 48 русумли нишонларни қидирувчи оптоэлектрон станция. Шунингдек, бортда моторли қа­йиқ учун жой ҳам ажратилган. Катер корпуси  частоталарнинг радиолокацион диапазонида кам сезилувчанлик технологиясидан фойдаланган ҳолда ишланган.