2015-01-09


ТУРЛИ ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРАДИ

 

Руминия Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлган Ан-30Б русумли самолёт аэрофототасвир ишларини олиб бориш, шунингдек, қўшинлар ва жанговар техникаларни ташиш учун мўлжалланган. Бу машинадан яхши жиҳозланмаган, шу жумладан, тупроқли учиш-қўниш майдончаларида ҳам фойдаланиш мумкин. Машина Ан-24РТ русумли йўловчилар самолёти асосида ишлаб чиқилган. Экипаж саккиз киши – икки нафар учувчи, штурман, муҳандис, радист, механик ва икки нафар оператордан иборат. Самолётнинг кучланиш қурилмаси ҳар бирининг қуввати 2100 кВт бўлган иккита АИ-24 ВТ русумли турбовинтли двигатель, ёрдамчи кучланиш қурилмаси эса тортиш кучи 7,85 кН бўлган РУ-19А-300 русумли турбореактив двигателидан ташкил топган. Асосий вариантидан фюзеляжнинг ўзгартирилган олд қисми (кенгайтирилган ва ойналанган), фюзеляжнинг пастки қисмида 5 та ойналанган фотолюклар, ДИСС-ФК фотоаппаратураси учун мўлжалланган бўлма мавжудлиги, қўшимча ёнилғи баклари ўрнатилганлиги билан фарқланади. Бу самолётга АФА54Ғ50 русумли аэрофотоаппаратлар, ТАУ-М русумли гидростабилловчи қурилма, РВ-25А русумли радиобаландлик ўлчагичи ҳамда «Гроза М-30» русумли метео-радиолокация станцияси ўрнатилган. Фотосуратга олиш жараёни автоматик тарзда олиб борилиши ҳам мумкин. Зарурат туғилган ҳолатларда АФА бошқа аппаратура (масалан, геологик разведка, дунё океанидаги жараёнларни кузатиш учун мўлжалланган мосламалар ва ҳ.к.) билан алмаштирилиши мумкин.

Самолётнинг асосий техник-тактик тавсифлари қу­йидагича: узунлиги 24,3 м, баландлиги 8,3 м, қанот кўлами 29,2 м, қанот майдони 75 м2. Максимал кўтарилиш ва қўниш оғирлиги 23000 кг, аэрофотосъёмка учун мўлжалланган ускуналар оғирлиги 650 кг. Ўртача учиш тезлиги 6000 м баландликда соатига 430 км, амалий кўтарилиш баландлиги 8300 м, учиш учун тезлашиш масофаси 710 м.