2015-01-09


ЯНГИ ЗИРҲЛИ АВТОМОБИЛЬ

 

 

«Женерал дайнэмикс Юропиан лэнд системз» компанияси мутахассислари «Игл-5» русумли янги зирҳли автомобилни намойиш этдилар. Ғилдираклар формуласи 4 х 4 бўлган мазкур автомобиль 1992 йилдан буён фойдаланиб келинаётган шу турдаги дастлабки моделлар («Игл-1» ва «Игл-2»)нинг модернизацияланган варианти ҳисобланади. Истиқболли транспорт воситаси кабинанинг орқа томонига ўрнатилган юк платформаси ҳисобига янада кўпроқ юк кўтариш қобилия­тига, шунингдек, такомиллаштирилган ҳимояланиш даражасига эга. Шу сабабдан «Игл-5» ўз бортида кўп миқдорда қурол-яроғ ва ускуналарни олиб юриши мумкин. Шу билан биргаликда, бу машинага буюртмачининг талабига кўра янада замонавий ҳимоя тизими ўрнатилиши мумкин. Янги зирҳли автомобиль экипажи икки кишидан иборат, шунингдек, унга 3-4 нафар пиёда жойлашиши ҳам мумкин. Автомобиль зирҳи ҳарбий хизматчиларнинг ўқи, мина, артиллерия снарядлари ва қўлбола портловчи мосламалар парчаларидан ҳимоя қилинишини таъминлайди. «Игл-5»нинг аксарият узел ва агрегатларини «Дуро» русумли юк автомобилининг ўхшаш қисмлари билан алмаштириш мумкинлиги ушбу транспорт воситасидан фойдаланишда иқтисодий самарадорликни таъминлайди. Ғарб ҳарбий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, яқинда мазкур машинани ишлаб чиқарувчи корхона Германия Мудофаа вазирлиги билан 100 та «Игл-5» зирҳли автомобилини етказиб бериш борасида тегишли шартнома тузган.