2015-01-09


ХУШНУДЛИК БАХШ ЭТИШ ҚУВОНЧИ

Ҳаётдан ҳамиша нолиб юрадиганлар, кўнгли сира тўлмайдиганларга дуч келсам ҳафсалам пир бўлади. Нега бу порлаб турган кўзларинг сенга туҳфа қилинган гўзалликларни, завқу шавқни, мислсиз неъматларни кўрмайди. Бахт ҳам бахтни ҳис қилганларга берилади. Аслида тушунчаларинг, муносабатларингни ўзгартиришинг билан дунёнинг энг бахтсиз кимсасидан, оламдаги энг бахтиёр инсонга айланишинг рост.

Ҳар бир ташриф буюрган меҳмонни раҳмат айтиб кузатаётган пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 30-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини кузатиб ана шундай фикрлар хаёлимда ғужғон ўйнарди. Бу масканда подполковник Мирзаакбар Мадумаров хизмат қилаётган ҳарбий қисм шахсий таркиби, Тошкент автомобиль йўллари инс­титути ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳарбий кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб «Ватан – улуғ, бурчим муқаддас» шиори остида «Менинг армиям – менинг фахрим» деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Даставвал, ҳарбий хизматчилар «Қўл жанги» бўйича кўргазмали чиқишларини намо­йиш этдилар.

– Ёшларнинг миллий армиямиздан фахр­ланиш, ғурурланиш ҳиссини янада ошириш, халқ ва армия якдиллигига ҳисса қўшиш мақсадида ушбу тадбир ташкил қилинди, – дейди капитан Умид Ҳасанов. – Эътиборлиси, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари орасида ҳарбий хизматчи бўлиш ниятидаги ёшлар ҳам кўп экан. Улар янги йил тантаналарини нишонлаш билан бар қаторда ҳарбий хизмат борасида ўзларини қизиқтирган жиҳатларни сўраб олдилар. Биз ҳам уларга керакли маслаҳат ва тавсияларимизни бердик.

Тарбияланувчилар янги йилни айрича бир шодиёналик билан қаршиладилар. Турли эртак қаҳрамонлари уларга ҳамроҳ бўлди. Рақсларга тушиб, қўшиқлар айтиб роса яйраган ўғил-қизларни ташкилотчилар томонидан топширилган эсдалик совғалар янада хушнуд этди. Тарбияланувчилардан бири Шерзод Холиқов сўзга чиқиб, тенгдошлари, меҳмонлар ва ҳарбий хизматчилар олдида келгусида Ватан ҳимоячиси бўлишга аҳд қилганини таъкидлади. Ҳамма шод. Ташкилотчилар ҳам хушнудлик бахш этиш қувончидан масрур эди.

Азиз ЎКТАМҚУЛОВ