2014-12-26


ЎЗЛИГИМИЗГА ХОС ЭЗГУ ФАЗИЛАТ

 

Соғлом бола йили ҳам ортда қолиб, янги йилга қадам ташлаш арафасидамиз. Соғлом бола йилида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, соғлом қилиб вояга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани барчамизга маълум.

Айниқса, «Соғлом бола йили» Давлат дастури ҳамда «Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури» ижросини таъминлаш бў­йича қилинган эзгу ишларнинг салмоғи катта. Ҳа, баркамол авлод бор экан, жамият ҳам, давлат ҳам барқарор, мамлакатнинг келажаги буюк бўлади.

Мамлакатимиз Президентининг 2014 йил 9 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда «Соғлом бола йили» Давлат дастури ҳамда «Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури» ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда «Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!» шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Мана шундай тадбирлардан бири Қаршидаги ногирон болалар интернат уйида бўлиб ўтди. Подполковник Аваз Ҳотамқулов хизмат қилаётган ҳарбий учувчилар қисми ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Қарши ҳарбий прокурорининг ўринбосари адлия подполковниги Улуғбек Абдираҳимов, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим мудири Маҳлиё Шукурова, ҳарбий учувчилар ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

БОЛАЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ

Меҳмонларни интернат уйи директори Воҳоб Орзиқулов етакчилигида тарбиячилар кутиб олишди. Улар, энг аввало, бу ерда тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув ва ётоқхоналар, кутубхона, спорт соғломлаштириш хонаси, тиббий бўлим билан яқиндан танишдилар.

– Қарши ногирон болалар интернат уйи кўп тармоқли ҳисобланади, – дейди тиббиёт бўлими бошлиғи Нилуфар Хайруллаева. – Бу ерда айни пайтда 200 дан зиёд бола тарбияланмоқда. Улар Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан қабул қилинган болалардир. Фарзандлар учун интернат уйида барча шароитлар муҳайё қилинган.

Шуни қувонч билан таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомий ташкилотлар иштирокида айни кунда интернат уйининг янги қўшимча бинолари қурилмоқда. Ундан замонавий услубдаги ётоқхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси, ёзги спорт майдони ва кичик спорт зали ўрин олган.

Интернат уйи маънавият хонасида меҳмонлар, ҳарбий хизматчилар ва тарбияланувчиларнинг давра суҳбати ўтказилди. Суҳбат вақтида болалар ўзларининг орзу-ҳаваслари, ўрганган касб-ҳунарлари ҳақида гапирдилар. Тарбияланувчи Абдуҳаким Зокиров Ватан ҳимоячиларига атаб ёд олган «Юртимиз қўр­ғонлари» номли шеърни ўқиб берган бўлса, Зуҳра Исоқова ўзи чизган расмларини намойиш қилди. Қолган тарбияланувчилар ҳам ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, иқтидорларини намоён қилишди.

– Мен расм чизишга жуда ҳам қизиқаман, – дейди тарбияланувчи З. Исоқова. – Айниқса, юртимиз табиа­тини севиб, унинг тасвирини қоғозга тушираман. Бугун бизни кўргани ҳарбий учувчи акаларимиз келганидан роса хурсанд бўлдик. Улар билан узоқ ва самимий суҳбатлашдик. Улар бизга хизмат фаолиятлари ҳақида гапириб беришди. Мен келажакда уларнинг расмларини чизишни мақсад қилдим.

Тадбир якунида ҳарбий учувчилар интернат уйи тарбияланувчиларига замонавий кир ювиш машинаси ва эсдалик совғаларини топширишди. Шунингдек, уларга «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан турли мавзудаги китоблар улашилди.

А. ОЧИЛОВ