2014-11-28


«АЁЛ КЕЛГАН ЖАҲОНГА ЭЗГУЛИК ЭТ...»

 

Олам мунавварлиги, гўзаллиги, жозибаси аёл билан. Аёл – садоқат, вафо ва меҳр-муҳаббат тимсоли. У қийинчиликларни нозик елкасига ортиб, тоғдек юксак қалб билан уни енгиб ўтишга қодир матонат ва сабр-тоқат маликаси ҳамдир. Эътибор бераётган бўлсангиз, мустақил юртимизда аёллар ўз ўрни ва мавқеини, қадр-қимматини топди. Бугун ҳаётимизнинг қайси жабҳасини олмайлик, яъни илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаси бўладими, буларнинг барчасида опа-сингилларимизнинг фидокорона хизмат қилаётганини кўрамиз. Аёли улуғланган юрт обод ва фаровон бўлади, дейишади. Аёлларимизга кўрсатилаётган эътиборни, эҳтиромни кўриб, бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканлигини англаймиз. Лекин шуни ҳам унутмаслигимиз лозимки, аёл олима бўладими, шоирами, шифокор ёки ҳарбий хизматчими у энг аввало она, миллат боши, оила бекаси, фарзандлар тарбиячисидир.

Президентимизнинг шундай сўзлари бор: «Ҳаммамизга аёнки, обод турмушни ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз одатда опа-сингилларимизнинг турли соҳа ривожига қўшаётган ҳиссасини тан олиш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва ролини ошириш, ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий нуфузини кўтариш, оғирини енгил қилиш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин мен бу масаланинг бошқа томонига эътибор беришни истардим. Қачон оила бахтли бўлади? Қачонки аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса. Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади? Қачонки оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлса…». Зотан, оила тинчлиги, мустаҳкамлиги – юртнинг энг катта бойлиги. Шунинг учун ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки кезлариданоқ аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки соғлом она, соғлом бола – соғлом оила демак. Оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, юрт равнақ топади, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Жорий йилнинг «Соғлом бола йили» деб номланиши ҳам бежиз эмас. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қатор  эзгу ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш,  оила маданияти ва одобини шакллантириш, ушбу даргоҳда камол топаётган фарзандлар тарбиясини тўғри йўлга қўйишга катта эътибор қаратиляпти. Бу борада  турли  маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Қуролли Кучлар Давлат музейида ўтказилган «Аёлнинг жамият тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги учрашув ҳам ана шу тадбирлар сирасидандир. Тадбирда Республика маънавият-тарғибот маркази эксперти, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова ҳамда Ўзбекистон Миллий университети психология кафедраси доценти Лутфулло Турсунов иштирок этишди.

Тадбир профессор Жамила Шермуҳаммедованинг маърузаси билан бошланди. У ўз  сўзида аёлнинг оиладаги ўрни, оилада эр-хотин муносабатлари ҳамда фарзанд тарбияси хусусида гапириб,  мавзуга оид ибратли ҳикоят ва ривоятлардан сўзлаб берди.

– Аёл учун ҳақиқий зебу зийнат унинг ор-номуси, шарму ҳаёси ва шунинг билан бирга обод оиласидир, – дейди Ж. Шермуҳаммедова. Мен Шарқ аёллари тимсолида ана шундай  фазилатларни кўраман. Бир оилани обод қилгувчи ҳам, фарзандларни яхши хулқли қилиб вояга етказгувчи ҳам аёлдир. Аёлнинг оилада ана шундай юксак ўрни бор. Шунинг учун ҳам оила бекасининг ўқимишли, фаросатли ва оқила бўлиши  жуда муҳим. Чунки аёлдаги мана шу сифатлар фарзандларнинг одоб-ахлоқли, тарбияли инсонлар бўлиб камол топишида муҳим роль ўйнайди, обод ва бахтли оила эшигига калит бўлади. Буюк мутафаккир шоир Хусрав Деҳлавий айтганидек:

Аёл оқила-ю эр ишбилармон,

Демак, кундан-кунга обод хонадон.

Бир нарсани унутмаслигимиз лозим, турмуш ҳеч қачон бир маромда кечмайди. Унинг ўзига хос мураккаб томонлари ва ташвишлари ҳам бисёр. Турмуш ўртоғи, оиласининг келажагини ўйлайдиган аёл, ҳар қандай мураккаб вазиятларни сабр-қаноат ва тадбиркорлик билан енга олади. Сабрни соябон қилиб, ўз турмушидан қаноатланиб, турмуш қи­йинчиликларини матонат билан енгган аёлни ҳаёт албатта, бахт билан сийлайди. Ана шундай бахтга эришиш ҳар биримизга насиб этсин.

Психологларнинг таъкидлашича, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай ҳолатда ҳам турмуш ўртоғининг ички кечинмаларини олдиндан биладиган жуфтлик энг бахтли оила соҳиблари  саналар экан. Ўзбекистон Миллий университети доценти Лутфулло Турсунов ўз сўзида ушбу фикрнинг нечоғлиқ ҳақиқатга яқин эканлигини илмий жиҳатдан асослаб берди. Шунингдек, у оила психологияси, оилада эр ва хотиннинг руҳий қиёфаси, оилада юзага келадиган зиддиятли вазиятларнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларни гапириб берди.

Қизғин баҳс-мунозарага бой бўлган учрашув ҳарбий хизматчи аёллар ҳамда ҳарбийлар оиласи бекаларида катта таассурот қолдирди.Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА