2014-11-21


ҲАРБИЙ ТИББИЁТНИНГ НАВҚИРОН АВЛОДИ

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг аъзоси Муҳаммад Али Марказий ҳарбий клиник госпиталида бўлиб ўтган тадбирда «…мен госпиталда биринчи марта бўлишим, аммо унинг довруғи, малакали шифокорлари ҳақида кўп яхши гапларни эшитганман», дея ўз ҳурматини билдирган эди. Ҳа, бу ерда ўз ишининг фидойилари, билимдонлари хизмат қилишади. Кейинги вақтларда самарали даволаш усулларини йўлга қўйиш, янги тиббиёт техникалари билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳарбий тиббиёт соҳаси ҳам замон билан ҳамқадам одимламоқда, десак муболаға бўлмайди.

Тиббий хизмат подполковниги Абдураззоқ Расулов етакчилик қилаётган урология бўлимида давр билан ҳамнафаслик яққол сезилиб туради. Биз бўлимнинг малакали шифокорларидан бири ҳақида лавҳа тайёрлаш учун бу ерга келдик. Келишга-ку келдик… Шу куни жарроҳлик операциялари ўтказиладиган кун экан. Бу жуда масъулиятли жараён. Шифокорни чалғитиб қўймасмиканмиз,деган истиҳолада эдик. Шундай бўлса-да,бўлим катта ординатори тиббий хизмат капитани Мансурбек Полвонов билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Ҳозиргина жарроҳлик операциясини қилиб чиққан бўлишига қарамасдан унда ҳеч қандай чарчоқ аломати сезилмас, касбига муносиб тарзда хушфеъллик, камтарлик билан бизни қарши олди.

Мансурбек госпиталнинг ёш, истеъдодли, истиқболи порлоқ мутахассисларидан бири. Тошкент тиббиёт академиясидан сўнг Республика ихтисослашган урология марказида магистратурани муваффақиятли тамомлаган. Бу ерда тиббиёт фанлари доктори, профессор Дмитрий Арустамов, тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Мухторов, профессор Фарҳод Акиловдан соҳага доир қимматли сабоқлар олган. У 2008 йилдан буён Европа урологлар ассоциациясининг аъзоси саналади. Мамлакатимизда ўтадиган урологларнинг нуфузли халқаро анжуманларида мунтазам қатнашиб келади.

Ёш шифокор илк хизмат фаолиятини 2010 йилда Нукус ҳарбий госпиталида бошлади. Илк жарроҳлик операциясини ўзи мустақил равишда шу ерда ўтказди.

– Мустақил иш эди, десам, бироз нокамтарлик бўлади, – дейди у биз билан суҳбатда. – Чунки бу иш устозим, тиббий хизмат майори Генжабой Аметовнинг назорати остида бўлган. Устозлар кўмаги ўзингга бўлган ишончни орттиради. Тиббий хизмат полковниги Улуғбек Расулов, тиббий хизмат подполковниги Абдураззоқ Расулов каби тажрибали шифокорлар билан бир сафда хизмат қилаётганимдан мамнунман.

Мансурбекнинг шифокорлик касбини танлаши ўзига хос ҳолат. Аслида дипломат бўлишни орзу қиларди. Шифокор билан суҳбатлашсангиз,бу орзу бекорга туғилмаганини ҳис қиласиз. У кичкиналигида нимжонроқ бўлиб, касалликларга тез чалинувчан эди. Шу сабабли болалигининг анчагина қисми касалхоналарда ўтган. Шифокорлар уни даволашнинг оддий ва синалган усулини қўллашди. Уни спорт билан шуғулланишга жалб қилишди. Ота-онаси уни азбаройи нимжонлигидан спорт билан шуғулланиш у ёқда турсин қаттиқроқ шамолдан ҳам асрашга интилардилар. Шундай бўлса-да,шифокорлар уларни бу ишга кўндирдилар. Бу усул ростдан ҳам ўз кучини кўрсатди. У касалликларни енга бошлади. Шу тариқа спортга, шифокорлик касбига меҳр қўйди. Унинг айтишича,спорт билан шифокорликни бир-биридан айрича тасаввур қила олмас экан. Бугун у Марказий ҳарбий клиник госпитали футбол ва волейболчилар жамоасининг энг яхши ўйинчиси саналади. Жамоалари мусобақада учинчи ўринни эгаллаганлигини фахр билан тилга олганида унинг кайфияти беихтиёр суҳбатдошига ҳам «юқади».

Шифокор Мансурбек Полвонов ёш бўлишига қарамасдан юксак иқтидори туфайли жамоада ўзининг муносиб ўрнини топган. Ўқиб, изланишдан толмайдиган ёш мутахассис ўзбек, рус, инглиз, немис тилларини мукаммал ўрганган.

– Мураккаб ҳолларда муваффақиятли якунланган жарроҳлик операцияси шифокорга гўё қанот бахш этади, уни руҳлантириб юборади, – дейди тиббий хизмат капитани Мансурбек Полвонов. – Яқинда бўлимга оғир ҳолатдаги бемор олиб келинди. Унинг ҳарорати баланд бўлиб, чап буйрагида йирингли ҳосила борлиги тезкор текширувларда аниқланди. Зудлик билан амалга оширилган операция кутилган натижани бермади. Консилиум чақирилиб, ўнг томондаги буйракни операция қилиш зарур деб топилди. Вақтни бой бермасдан иккинчи операцияни ўтказдик. Шундан кейин беморнинг аҳволи тубдан яхшиланди. У сафга қайтди. Шундай пайтларда ўз ишинг­дан чексиз ҳузур ва қониқиш ҳисси уйғонади. Буни оддий сўзлар билан таърифлаб бўлмайди… Орзуларим кўп. Мен ҳарбий тиббиёт соҳасида эндоурологияни ривожлантиришга ҳисса қўшишни ният қилганман. Бугун тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Ҳарбий тиббиёт унинг энг олдинги сафларида бўлиши лозим,деб ҳисоблайман.

Ҳа, навқирон авлоднинг орзу-ниятлари ҳам ёшликнинг ўзи каби жўшқин, гўзал, эзгуликларга лиммо-лимдир. Мансурбек Полвонов ҳам ҳарбий тиббиёт соҳасида ҳали янада улкан муваффақиятларни қўлга киритишига ишонамиз.

Назокат НОДИРШОҲОВА