2014-11-21


ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисидаги ҳамда «2014–2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури» тўғрисидаги  қарорлари  ижросини таъминлаш борасида Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда кенг кўламда ишлар амалга оширилаётганига гувоҳмиз. Хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш, белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтказиб бориш, оила аъзолари ўртасида тиббий маданиятни оширишга қаратилган эзгу ишлар «Соғлом бола йили»да янада кўтаринки руҳда олиб борилмоқда.

 Она ва бола саломатлиги оила учун ҳам, жамият учун ҳам ҳамиша муҳим масала бўлиб келган. Чунки авлодлар давомийлиги, миллат истиқболи ёш авлод қўлида. Шундай экан, фарзандларнинг соғлом ва баркамол улғайишига ғамхўрлик қилиш, уларни вояга етказувчи оналар саломатлигини муҳофаза этиш доимо давлатимиз эътиборида.

Маълумки, 1993 йил 23 апрелда Президентимиз фармонига мувофиқ ташкил этилган «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ёш авлод саломатлигига жиддий эътибор қаратиб келаётган ташкилотлардан. Сўнгги йилларда «Соғлом авлод учун» халқаро жамғармасининг тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилаётгани, улар ўртасида тиббий маданиятни ошириш мақсадида маърузалар, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилаётгани ғоят қувонарлидир.

Мана шундай тиббий кўрик тадбирларидан бири яқинда Тошкент ҳарбий округида хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирокида бўлиб ўтди.

 – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Фармойиши ва «Соғлом бола йили» Давлат дас­тури тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида белгиланган режа асосида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказиб келинмоқда, – дейди Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Дилбархон Ҳусанова. – «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий марказида амалга оширилаётган тиббий-кўрикка тажрибали шифокорлар жалб қилинган. Ўйлайманки, тиббий кўрик давомида ҳарбий оила бекалари ва уларнинг фарзандлари малакали шифокорлар кўмагида тиббий кўрикдан ўтиш билан бирга, соғлом турмуш тарзи, тиббий маданият ва соғликларини муҳофаза қилиш борасида ҳам муҳим маълумотларга эга бўлмоқда.

– Учта фарзандим билан тиббий кўрикдан ўтдим ва бундан жуда хурсандман, – дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Дилфузахон Нарзиева. – Айниқса, тажрибали шифокорлар – Сияра Джамбекова, Насибахон Тўйчиева ва Нигорахон Деҳқонходжаеваларнинг замонавий тиббий ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказишгани, маслаҳатлари, менда катта таассурот қолдирди. Ўзим ва болаларимнинг саломатлиги учун зарур бўлган муҳим маслаҳатларга эга бўлдим.

 – Бу галги текширувда ҳамшира Шоҳистахон Маҳамажанова томонидан қондаги қанд миқдорини аниқлаш бўйича ҳам таҳлиллар ўтказилди, – дея суҳбатга қўшилади Гулчеҳра Бобохонова. – Шунингдек, кўз шифокори Елена Белолетова ҳамда асаб тизими касалликлари шифокори Шоирахон Инагамоваларнинг олиб борган текшируви, менга ва фарзандларимга жонкуярлик ила берган маслаҳатидан беҳад миннатдорман. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбариятининг оналар ва болаларга кўрсатаётган чексиз ғамхўрлигидан далолат.

Зарина НИШОНОВА