2014-11-14


ТИШИНГИЗ СОҒЛОММИ? ДЕМАК СОҒЛОМСИЗ

 

Шифокорларимиз ўзларининг касб байрамларини нишонлашди. Саломатлик посбонлари, дея эъзозланувчи ушбу соҳа вакилларига иши тушмаган уларнинг сеҳрли қўлларидан шифо топмаган инсоннинг ўзи йўқ.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, беморларнинг кўпчилик қисми тиш шифокорларига мурожаат қилар экан. Тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашганимизда «тўғри-да, инсондаги барча органлар бир ёки бир жуфт­дан яратилган, тишлар эса ўттиз иккита», дея ҳазил қилишди.

Мақоламиз Мудофаа вазирлиги Марказий стоматология поликлиникаси ва у ерда хизмат қилаётган саломатлик фидойилари ҳақида.

 – Тиш даволаш муолажалари мураккаб жараёнлардан иборат, – дейди поликлиника бошлиғи тиббий хизмат подполковниги Воҳиджон Сафаров. – Бунинг учун шифокор ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиши шарт. Поликлиникамиздаги барча тиббиёт ходимлари тажрибали мутахассислардир. Булардан тиббиёт фанлари номзоди Хурсанд Дўстмуҳамедова, олий тоифали шифокорлар Равшан Умаров, Ибрагим Шамсиев, Нигора Нурматова, Муҳайё Абдураҳимова каби тажрибали шифокорларни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

 Поликлиникамизда тиш даволаш, жарроҳлик, ортопедия каби учта бўлим ва лаборатория мавжуд бўлиб, барчаси сўнгги русумдаги замонавий жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланган. Шифокорларимиз ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига малакали хизмат кўрсатиш баробарида, ҳарбий хизматчиларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишларида ҳам иштирок этишади. Тиш касалликларининг ички организмларга салбий таъсири бор. Шундай экан, тишингизни ҳамиша асранг, ўз вақтида даволашни асло унутманг, ҳамиша соғлом бўласиз.

Марказий стоматология поликлиникаси юз-жағ жарроҳлик бўлими мудири Қуролли Кучлар хизматчиси олий тоифали шифокор Икромжон Қодировнинг бу ерда хизмат қилаётганига ўн етти йилдан ошган.

– Жарроҳликда энг хавфлиси юз соҳаси ҳисобланади, – дейди малакали шифокор ўз фаолияти ҳақида сўз юритар экан. – Чунки юз-жағ соҳасида қон томирлар жуда кўп. Шунинг учун кичик жарроҳлик амалиётларини бажаришда ҳам ўта эҳтиёткорлик, масъулият талаб этилади. Шунингдек, доимий равишда ўқиш, ўрганиш, тажриба ошириб бориш ҳамда устоз шифокорларнинг ўзига хос иш услубларини ўрганиш катта аҳамиятга эга. Менинг жарроҳлик соҳасида эришган муваффақиятларимда ҳам устозларим истеъфодаги тиббий хизмат полковниги Алишер Назаров, ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессори Абдусалом Абдуқодировнинг муҳим ўрни бор. Менинг ҳаётда эришган энг катта ютуқларимдан бири ўзим севган соҳада фаолият юритаётганим ва Ватан ҳимоячиларига хизмат кўрсатиб, юрт тинчлигига ҳисса қўшаётганимдир. Бундан фахрланаман, албатта.

 Ҳа, севган касбида хизмат қилаётган инсон борки, ўз ишига сидқидилдан ёндашади.

Фидойилик ҳеч қачон изсиз кетмаган. Икромжоннинг хизмати ҳам ҳамиша эътироф топиб келмоқда. Буни унга тақдим этилган бир қатор фахрий ёрлиқлар ҳам исботлаб турибди. Энг асосийси эса эл меҳрига, ҳурматига сазовор бўлиш. Қуролли Кучлар хизматчиси, етук жарроҳ Икромжон Қодиров ушбу шарафга эришган шифокорлардан.

Зулфия ЮНУСОВА