2014-11-07


ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ САЛОМАТЛИГИ МУҲОФАЗАСИ – УСТУВОР ВАЗИФА

 

«Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қулай уй-жойлар, замонавий социал-маиший шарт-шароитлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ана шу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағларини янада кўпайтириш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолиши даркор», деган эди Президентимиз Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон омили, унинг фаровон яшашини таъминлаш, имкониятларни яхшилаб, етарлича шарт-шароитлар барпо этишга қаратилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу борада айниқса, юрт осойишталигини асрашдек эзгу ва шарафли вазифага ўзини бағишлаган ҳарбий хизматчиларнинг масъулиятли хизматлари муносиб эътироф этилиб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасидаги муҳим ишлар изчил амалга оширилаётгани, бир сўз билан айтганда, ҳукуматимиз томонидан доимо улкан ғамхўрликлар кўрсатиб келинаётганини алоҳида эътироф этиш мумкин. Хусусан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш вазифаси ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ичида салмоқли ўрин эгаллаб келаётгани ғоятда қувонарлидир.

Тиббиёт ходимлари куни арафасида Мудофаа вазирлиги Фронт орти бош бошқармаси Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Эрали Ҳожимуродов «Ватанпарвар» газетаси мухбирига шулар хусусида, қолаверса айни пайтда қўшинларнинг тиббий таъминотидаги устуворликлар, Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-анжомлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида сўзлаб берди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучлар ташкил топганининг 22 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, 2014 йил учун Мудофаа вазирлиги тиббиёт хизматининг асосий вазифалари қилиб қуйидагилар белгиланди: қўшинлар ўқув-жанговар тайёргарлигининг тиббий таъминоти, тиббиёт хизматларини юксак жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги куч ва воситалари билан таъминлаш, Мудофаа вазирлиги қўшинларини бутлашда иштирок этиш, шахсий таркиб саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, қўшинларнинг санитар-эпидемик таъминланганлигига эътибор қаратиш, касал бўлган ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг даволанишига ёрдам бериш, тиббиёт хизмати ходимларининг жанговар тайёргарлигини ташкил этиш ва малакасини ошириш, қўшинларни тиббий асбоб-анжомлар билан таъминлаш, ҳарбий-тиббий тайёргарлик, гигиеник билимлар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Мудофаа вазирлиги қўшинлари тиббий таъминоти масалалари бўйича илмий ишланмалар тайёрлаш.

Дастлабки йўналишни олиб қарайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида аввало 2014–2015 ўқув йилида даволаш-диагностик ва профилактик ишларни ташкил этиш бўйича тегишли йўриқнома тайёрланиб, қўшинларга жўнатилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат даволаш-диагностик ва профилактик ишларни мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилишидаги изчилликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ҳозиргача қўшинларда 34 дан зиёд тадбирлар – ўқув, дала машғулотлари, йиғинлар, спорт тадбирлари амалга оширилди. 

Иккинчи, яъни тиббиёт хизматларини юксак жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги куч ва воситалари билан таъминлаш йўналишида ҳам амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилмоқда.

Мудофаа вазирлиги қўшинларини бутлаш борасидаги ишларга тўхталганда, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг ҳарбий поликлиника, госпиталь ва лазаретларда мутахассисларимиз томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани, олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар саломатлигига янада улкан эътибор қаратилаётгани миллий армиямиз учун соғлом йигитларнинг сараланишига хизмат қилаётганини айтиш жоиз.

 Шахсий таркиб саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, Президентимизнинг 2013 йилнинг 12 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармо­йиши билан тасдиқланган режада «Соғлом она – соғлом бола» дастури доирасида ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш борасида чора-тадбирлар белгиланганди. 2014 йилнинг 8 апрелида Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи тайёрланиб, Мудофаа вазирлиги, Марказий ҳарбий клиник госпиталининг кўплаб шифокор мутахассислари иштирокида тиббий гуруҳлар тузилиб, ҳарбий хизматчиларнинг олис гарнизонларда истиқомат қилаётган оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Рақамлар билан айтганда, жорий йилнинг айни даврига қадар 3500 дан зиёд киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, улар саломатлигини янада яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди, тегишли тавсиялар берилди.

Қўшинларда санитар-эпидемик йўналишда олиб борилган салмоқли ишлар натижасида ҳарбий қисм ва муассасаларда шахсий таркибнинг хизмат ва маиший шароитлари янада яхшиланмоқда. Бу эса ўз навбатида турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олмоқда. Бир сўз билан айтганда, Мудофаа вазирлиги қўшинларида санитар-эпидемиологик шароитнинг яхшиланаётгани сабабли карантин ва ўта хавфли инфекциялар пайдо бўлишига йўл қўйилмади.

Олтинчи, яъни касал бўлган ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг даволанишига ёрдам бериш йўналишидаги ишларимиз таҳлили шуни кўрсатади: 2014 йилнинг 6 ойи билан 2013 йилнинг 6 ойи қиёсланганда барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар касалланиши миқдори камайганини кўриш мумкин. Бу миллий армиямизда соғлом турмуш тарзи шаклланаётганидан, ҳарбий тиббиёт соҳаси ривожланаётганидан далолат.

Тиббиёт хизмати ходимларининг малакасини ошириш борасидаги ишларни ҳам таъкидлаб ўтиш ўринли. Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети,  Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази, Тошкент  врачлар малакасини ошириш институтида тиббиёт хизмати ходимларининг малака ошираётгани қўшинларда тиббий таъминотнинг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Халқаро ҳарбий ҳамкорликлар режасига мувофиқ 2014 йилда тиббиёт ходимларидан 4 нафари Германияга таҳсил олишга юборилгани, умуман бу борада ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилаётгани мамлакатимиз ҳарбий тиббиётининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.  

Қўшинларни тиббий асбоб-анжомлар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳарбий-тиббий муассасаларни замонавий тиббий ускуна ва техника билан босқичма-босқич қайта жиҳозлаш ҳамда шу асосда ташхис қў­йиш ва даволашнинг янги усулларини ўзлаштириш ва қўллашда муҳим бўлмоқда. Хусусан, тузилган шартномаларга мувофиқ 2014 йилнинг ортда қолган даври ичида 1 та замонавий рентген диагностикаси аппарати, 3 та «I-vent 201» русумли ўпка сунъий вентиляцияси мосламаси, 7 та 3 каналли «EGG -300G» русумли электрокардиограф, «Vamos» мониторли «Fabius Plus» русумли наркоз-нафас берувчи 2 та мослама, «BTL-08 Spiro» русумли 2 та спирометр, барча комплект деталларига эга 2 та «HyBase 1000» русумли операция столи, 2 та «BTL-5000 Series» русумли физиотерапия мосламаси, 4 та «SK-50011» русумли шприц насоси, 4 та «SK-60011» русумли инфузомат, 1 та реанимация-жарроҳлик монитори (ЮМ-300С), 2 та операция лампаси, 1 та кардиологик монитор олиб келинди. Шунингдек, 2014 йилнинг айни давригача ҳарбий қисм ва тиббий муассасаларга тегишли нарядлар асосида кўплаб тиббий асбоб-анжом, воситалар ўз вақтида етказиб берилди. Мавжуд тиббий асбоб-ускуналардан унумли фойдаланиш мақсадида капитал, ўрта ва жорий таъмирлашлар амалга оширилди. Бу ишларнинг бари Ватан ҳимоячиларининг саломатлигини мустаҳкамлашга давлатимиз раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган улкан ғамхўрликлар намунасидир.  

Ҳарбий-тиббий тайёргарлик, гигиеник билимларни ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бобида ҳам кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш мумкин. Масалан, 2014 йилнинг июнь ойида гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида барча ҳарбий қисм ва муассасаларда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳарбий хизматчилар ва оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мудофаа вазирлиги қўшинлари тиббий таъминоти масалалари бўйича илмий ишланмалар тайёрлашга ҳам доимо улкан эътибор қаратилади. Жумладан, жорий йилда қўшинларнинг тиббий таъминотини, шахсий таркибнинг соғлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қанча зарур услубий тавсиялар тайёрлаб йўлланди. Мудофаа вазирлиги қўшинларида тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тегишли буйруқлар тайёрланди.

Ҳарбий хизматчиларнинг санаторий-курорт таъминотини яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий санаторийсининг инфратузилмаси такомиллаштирилиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча зарур шароитлар етарли. Хулоса қилиб айтганда, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ҳамда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, собиқ ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг тиббий жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом этмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни шифокорлар байрами билан самимий табриклайман. Ҳарбий тиббиёт соҳасида фидойилик билан хизмат қилаётган ходимларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, Ватан ҳимоячиларининг саломатлигига посбон бўлишдек эзгу ва хайр­ли ишларида омадлар тилайман.

Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Ўз мухбиримиз