2014-11-07


МАРТАБАЛИ, МАҚОМИ БАЛАНД ЗАМОНАВИЙ АЁЛ

 

Биз замонавий аёл деган иборани кўп эшитамиз, ўзимиз ҳам айримларга нисбатан шу сўзларни ишлатамиз. Аслида замонавий аёл қандай бўлади? Сўнгги урфда кийинади, дейсизми? Соч турмаги ҳам мукаммал бўлиши керакми? Бир нечта тилларда сўзлаша оладими? Раҳбар ёки тадбиркор бўлса, айни муддао, денг? Йўғ-ей, назаримда булар камлик қилади. Замонавий аёлнинг она деган мартабаси бўлиши керак, рафиқа деган мақоми нур устига нур-да! Шундай аёлни биламан. Танишинг, шифокор, Қуролли Кучлар хизматчиси Феруза Қосимова. У бир неча йилдан буён Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг функционал ташхис бўлимига раҳбарлик қилиб келади. Қуйида у билан суҳбатимизни ўқийсиз.

Қизалоқлар ўйинини кузатсангиз, улар ё она бўлишади, ёки шифокор. Бу эзгу касб. Сизнинг ҳам болалик орзуингиз бўлганми?

– Шифокор бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Журналист бўлишни орзу қилганман. Туғилиб ўсган шаҳрим Асака ҳақида меҳр билан ёзганман, ёзганларим матбуотда эълон қилинган. Хорижий тилларни ўрганишга қизиқишим кучли эди. Камида бешта тилни мукаммал биладиган тилшунос бўлишни орзу қилардим. Онамнинг тўсатдан қаттиқ оғриб қолиши, аниқ бир қарорга келишимга сабаб бўлди. Ўшанда ўн олти ёшларда эдим. Қўшнимиз Анур тоға (шаҳардаги касалхоналарнинг бирида бош шифокор бўлиб ишларди) Файзулин онамни уйда даволаганлар. Шундай масъулиятли вазифада ишлашларига қарамасдан онам учун ҳам вақт ажрата олганлари, фидойиликлари, меҳрибонликлари мени ҳайратга солган. Нафақат ҳайратландим, балки мен ҳам шифокорлик касбига меҳр қў­йиб қолдим. Одамларга, айниқса, яқинларингга керакли бўлиш, уларнинг дардига даво топиш саодатини ҳис қилдим. Ҳеч қачон танлаган касбимдан афсусланган эмасман, ҳар доим ифтихор қилиб келаман.

Ҳарбий тиббиёт тизимида фаолият кўрсатишингизга нима туртки бўлди?

– 1994 йилда турмуш ўртоғим захирадаги офицер бўлганлиги туфайли отолоринголог мутахассис сифатида ҳарбий хизматга чақирилди. Худди шу кундан бошлаб мен ҳам ҳарбий тиббиёт тизимида фаолиятимни бошладим. Дастлаб Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий поликлиникасида, 1998 йилдан эса Марказий ҳарбий клиник госпиталда ишлаб келяпман. Хизматни турмуш ўртоғим билан бир кунда бошладим десам ҳам бўлаверади.

– Сиз етакчилик қилаётган бўлим ва ходимлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Функционал ташхис бўлими ташхис қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Демак, ўз аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда бўлим замон билан ҳамқадам бўлиши керак. Таъкидлаш жоизки, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Ана шу ислоҳотлар самарасини бугун ҳар жабҳада кўриш мумкин. Функционал ташхис бўлими ҳам энг замонавий тиббиёт ускуналари ва воситалари билан жиҳозланган. Беморларга тез ва сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бўлимда олий тоифали ҳамширалар беморларга хизмат кўрсатади. Шу ўринда Қуролли Кучлар хизматчиси олий тоифали шифокор Мактуба Камолова номини алоҳида тилга олиб ўтсак арзийди. Ёш мутахассислардан Рашида Мутигуллинадан умидларимиз катта.

– Аёлнинг зиммасидаги масъулият катта-да. Оиланинг ҳам асосий балогардони аёл – она саналади. Ҳарбий хизматчининг рафиқаси сифатида Сизга ҳам осон бўлмаган, албатта.

– Йиллар югурик. Яқиндагина болаларнинг бирини боғчага, бирини мактабга етаклаб юрардик. Ўғлим Рустамжон ота-онаси изидан бориб, шифокорлик касбини танлади. У Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий тиббиёт факультетининг курсанти. Бу шарафли касб, албатта. Аммо ғоят мураккаб томонлари ҳам бор. Бу йўлни ўғлимизнинг ўзи танлади, бу унинг қарори. Биз ота-онаси уни фақат қўллаб-қувватлаймиз. Қизимиз Зилола Тошкент давлат молия инс­титутини имтиёзли диплом билан тамомлаб, «Трастбанк»да ишлаяпти. Онаман-да оқила келин, диёнатли куёв кўришни, набиралар катта қилишни орзу қиламан. Турмуш ўртоғим бир гапни бот-бот такрорлайди: «Бугун нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси Сиз туфайли…» Ростини айтсам, бу гап менга хуш ёқади.

– Дам олиш кунларини қандай ўтказасиз?

– Бундай кунларни ошхонада ўтказиш ёқади. Ширин таомлар билан оила аъзоларимни, яқинларимни сийлашни хуш кўраман. Яна бир ёқимли машғулот – мутолаа. Биз оила аъзоларимиз билан барчамиз мутолаа қилишни яхши кўрамиз. Айниқса, тарихий мавзуларда суҳбатлашиб қолсак, вақт қандай ўтганини сезмай қоламиз.

– Аёллар бахт ҳақида кўп гапирадилар. Сизнингча бахт нима?

– Бахт… Бахт – бу оилам, ўғлим, қизим, турмуш ўртоғим, опа-сингилларим. Бахт – бу олис Андижонда нурсиз кўзлари билан мени интиқ кутаётган қари отам…

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Касб байрами муборак бўлсин!

ЭНГ МУҲИМ БЎҒИН

Тиббиётни ўрта тиббиёт ходимларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сержант Мақсуджон Мадазимов Марказий ҳарбий клиник госпиталнинг бош фельдшери. Унинг фаолияти қарийб йигирма йилдан ошиб қолди. Эндиликда тиббиёт ходимларининг Европа давлатларида малака ошириб қайтишлари янгилик бўлмай қолди. Бундан ўрта тиббиёт ходимлари ҳам мустасно эмас. Мақсуджон ҳам Германия федератив республикасида малака ошириб келган. Рус, немис тилларини мукаммал билади.

– Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди у биз билан суҳбатда. – Шу сабабли машғулот соатлари кўпайган. Айниқса, ўта юқумли касалликлар ва ОИТСга бағишланган машғулотлар юқори савияда ташкил қилинганлиги таҳсинга сазовор. Шунингдек, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бу ҳамкорлик тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, ўзгаришлардан бохабар бўлишимизда муҳим аҳамият касб этади. Шуни мамнуният билан қайд этиш ўринлики, Марказий ҳарбий клиник госпиталда беморларни парваришлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Госпиталь ҳамширалари республика миқёсида ўтказиб келинаётган турли танловларда юқори натижалар кўрсатиб келишади. Илғор ҳамшираларимиздан Қуролли Кучлар хизматчиси Рената Маҳмудова навбатдаги танловга тайёргарлик кўрмоқда. Ундан умидимиз катта. Бир сўз билан айтганда, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бекаму-кўст уддалашга ҳаракат қиляпмиз.

АНИҚЛИК, ТЕЗКОРЛИК

Бугунги тиббиёт ана шу қоидалар асосида ишлашга интилмоқда. Бунда, албатта, замонавий тиббиёт техникалари муҳим ўрин тутади. Эндиликда Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳам замон билан ҳамқадам одимламоқда.

– Энг замонавий тиббиёт техникалари ёрдамида касаллик тезлик билан аниқланиб, ташхис қўйилмоқда, – дейди биз билан суҳбатда нурли ташхис бўлими бошлиғи тиббий хизмат подполковниги Салоҳиддин Ҳамраев. – Бу эса ўз-ўзидан даволаш муддатининг қисқаришига олиб келади. Бундай тезкорлик ва аниқлик беморнинг тезда оёққа туриб, сафга қайтишини таъминлайди. Бўлимимизда мульти спирал компьютер томография мавжуд. Бу беморлар учун катта қулайлик яратмоқда. Шунингдек, кўп йиллардан буён фидокорона меҳнат қилиб келаётган мутахассисларимиз хизматини ҳам алоҳида тилга олиб ўтсак арзийди. Олий тоифали шифокорлар Галина Еремеева, Венера Смакова, катта ҳамшира Светлана Прохорова шулар жумласидан. Фурсатдан фойдаланиб, шифокорлар куни муносабати билан барча ҳамкасбларимни, биз билан ёнма-ён хизмат қилиб келаётган инсонларни қутлайман.

Инобат ИБРОҲИМОВА