2014-10-10


ЯНГИ УЙГА – ЯНГИ ОРЗУЛАР БИЛАН

 

Маълумки, ўз ҳаётини шарафли ва масъулиятли соҳа бўлган Ватан ҳимоячиси бўлишдек устувор вазифага бағишлаган, истиқлолимизни мардона асрашга чоғланган, тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрган ҳарбий хизматчилар давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборидадир. Бундай эътибор ва ғамхўрлик айниқса, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш масалаларида яққол намоён бўлмоқда.

Президентимиз шундай таъкидлайди: «Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қулай уй-жойлар, замонавий социал-маиший шарт-шароитлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ана шу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағларини янада кўпайтириш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолиши даркор».

Ҳа, бугун ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоя­сини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган қатор тадбирларни белгилаб берилган ушбу устувор вазифаларнинг амалдаги ижроси сифатида эътироф этсак, хато қилмаймиз.

Бугун ҳарбий хизматчилар учун турар-жойлар барпо этишда ҳудуд иқлим шароитлари ҳисобга олиниб, шаҳар, посёлка ёки қишлоқ жойларидан ташқари тоғ-чўл каби минтақаларда ўз хизмат бурчларини ўтаётганлар учун ҳам ҳар томонлама қулайликлар яратишга эътибор бериляпти. Барпо этиладиган турар-жой бинолари ва шаҳарчаларда барча шароитлар, жумладан, ҳар бир хонадонда мебель, энергия, сув ва бошқа таъминотлар бўйича муаммолар бўлмаслиги, ҳарбий шаҳарчалар ҳудудида тиббиёт муассасаси, ҳарбийларнинг фарзандлари учун боғча, мактаб, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, коттеж шаклидаги хонадонларнинг эса ўз томорқа участкалари ҳам бўлиши кабилар эътиборга олиняпти. Ўз навбатида бундай қулайликлар юртимиз ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларига жуда манзур бўлмоқда.

Яқинда МХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида қувончли воқеа юз берди. Яъни барча қулайликларга эга янги, кўп хонадонли турар-жой бинолари ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда МХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Барчанинг юз-кўзида бахтиёрлик ва мамнуният ифодаси балқийди. Ҳарбий хизматчилар оилаларида улғаяётган ширинтой болажонлар айниқса, ҳаммадан кўра кўпроқ шод ва масрур. Чунки янги турар-жой бинолари ғоят бежирим ва кўркам қиёфада бунёд этилган бўлиб, ички хоналари ҳам шинам таъмирланган. Ота-оналарининг қўлларидан тутиб олган кичкинтойларнинг бири муҳташам иморатга ишора қилиб, «ана шу бизнинг уйимиз, энди шу ерда яшаймиз-а», дея чуғурласа, иккинчиси тезроқ дадаси сов­ға қилган коптогини олиб чиқиб, янги ўртоқлари билан ўйнагиси келаётганини бийрон тили билан тушунтиришга ҳаракат қилади.

Ҳа, ростдан ҳам барпо этилган муҳташам биноларнинг кўркам қиёфасига қараган кўзлар қувнайди. Уйларнинг ҳар томонлама мукаммал бўлиши ва юрт ҳимоячилари ҳамда уларнинг оилаларига сифатли хизмат кўрсатиш учун мавжуд барча имкониятлардан самарали фойдаланилгани яққол кўриниб турибди. Хоналардаги мавжуд жиҳозлар, яъни газ аппаратлари, ювиниш воситалари ва бошқа маиший жиҳозлар фойдаланиш учун тайёр қилиб қўйилган.

Янги хонадонларнинг калитлари ўз эгаларига тантанали тарзда топширилгач, уларни тадбир иштирокчилари сўзга чиқиб, самимий қутладилар. Жумладан, маросимда сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган бундай ўзгариш ва бунёдкорлик ишлари энг аввало, мамлакатимиз сарҳадлари мустаҳкамлиги ҳамда тинчлик ва хотиржамлигимиз ишончли кафолатлангани туфайли эканлигини қайд этишди. Шунингдек, бундай эътибор ва яратиб берилаётган шароитлар тизим фаолиятининг янада самарали бўлишида асосий омил саналиши таъкидланди.

– Биз ҳарбийлар хизмат бурчимизга кўра қаерда ва қандай вазиятда бўлмайлик, доимо ҳукуматимиз эътиборида эканимизни, Президентимиз ғамхўрлигини ва халқимиз томонидан билдирилган юксак ишончни доим ҳис этиб турамиз, – дейди икки хонали янги уйга эга бўлган катта лейтенант Жаҳонгир Худойбердиев. – Бугун янги хонадонларга эга бўлганимиз ана шу эътибору ғамхўрликнинг яна бир тасдиғидир. Бунинг учун ҳукуматимизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Бу албатта бизни, қолаверса, хизмат машаққатларини қайсидир маънода биз билан баравар тортиб келаётган оилаларимизни ҳам қувонтиради. Ҳа, ҳукуматимиз нафақат биз ҳарбий хизматчиларга, балки оилаларимиз, фарзандларимизга ҳам ғамхўрлик қиляпти. Янги уйимиз шинам, энг замонавий услубда қурилган экан. Биз ёш офицерлар бундай ғамхўрликдан жуда қувондик. Оиламиз тинч бўлса, ўзимиз хотиржам бўламиз. Хизматимизда ҳам унум бўлади. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, биз Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган бундай эътибор ўз ўрнида катта масъулият ҳам юклайди. Бунга жавобан биз янада масъулият ва ғайрат билан шарафли бурчимизни адо этишимиз, юртимиз осойишталиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш ҳамда мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида бор куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этишимиз, бир сўз билан айтганда, кўрсатилаётган эътибору ғамхўрликларга муносиб бўлишимиз керак, деб ўйлайман.

– Турмуш ўртоғимнинг хизмат тақозосига кўра турли ҳудудларда яшадик. Шу пайтгача ижара уйда турардик, энди эса ўз уйимизга эга бўлганимиздан жуда ҳам хурсандмиз, – дейди ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи Лобар Узақова. – Айниқса, уй ичининг чиройли таъмирлангани, ошхона жиҳозлари, маиший воситаларнинг рисоладагидек экани кўпроқ биз, уй бекаларига маъқул бўлмоқда.

Хуллас, янги хонадон соҳиб ва соҳибаларининг қайси бири билан сўзлашмайлик, уларнинг қувонч ва шодликлари бир олам эканига гувоҳ бўлдик. Кўрсатилаётган бу каби эътибору ғамхўрлик эса ўз навбатида юртимиз мардларига яна ҳам куч-ғайрат улашиб, уларни юксак шижоатлар сари ундашига, руҳлантиришига шубҳа йўқ. Ўйлаймизки, ўғлонларимиз бунга албатта, муносиб хизматлари билан жавоб қайтарадилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, кейинги тўрт йил ичида Республика бўйича 1800 дан ортиқ чегарачи ва уларнинг оила азолари ана шундай замонавий уй жой билан таъминланган.

Ёшин ҲАКИМОВ